АҚШ молия вазири Жейкоб Лью 5, 10 ва 20 долларлик қоғоз пулларнинг дизайнида катта ўзгаришлар бўлишини эълон қилади, деб хабар бермоқда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда Politico нашри.

Таъкидланишича, 19-асрда қулларнинг озод этилиши учун курашган аёл Гарриет Табмен АҚШ қоғоз пулида пайдо бўладиган биринчи афроамерикалик бўлади, унинг тасвири 20 долларлик қоғоз пулда АҚШнинг 7-президенти Эндрю Жексон тасвири ўрнини эгаллайди.

Нашрнинг таъкидлашича, Жексон қулдор бўлган, Табмен эса қулдорликни бекор қилиш ҳаракатининг фаоли ҳисобланган.

АҚШ молия вазири 10 долларлик қоғоз пулда АҚШнинг биринчи молия вазири, бу ташкилот ва замонавий АҚШ молия тизимини яратган Александр Гамильтон суратини тасвирлаш ғоясидан воз кечилганини маълум қилди.

10 долларлик қоғоз пулнинг орқа томонида аёлларнинг фуқаролик ҳуқуқлари учун ҳаракат фаоллари суратлари, 5 долларлик қоғоз пулнинг орқасида эса 20-асрда фуқаролик ҳуқуқлари учун кураш етакчилари суратлари пайдо бўлади.

Янги қоғоз пуллар АҚШ гравировкалаш ва босма бюроси томонидан аёллар овоз бериш ҳуқуқи кучга кирганининг 100 йиллиги муносабати билан 2020 йилга чиқарилади. Унгача янги купюралардан бирортаси кейинги ўн йилликкача фойдаланишга киритилмайди.

Молия вазирлиги АҚШ Федерал захира тизимини бу жараённи тезлатиш ва янги қоғоз пулларни иложи борича тезроқ чиқаришни амалга оширишга чақирди.