Польша яқин йилларда ўзининг армияси сонини 50 фоизга оширмоқчи. Бу ҳақда Польша мудофаа вазири Антони Мацеревич Польшанинг Бидгош шаҳрида НАТО кучларини интеграциялаш бўйича ваколатхона (NFIU) очилиш маросимида маълум қилди.

"Польша армияси каттароқ бўлади. Биз армиянинг яқин йилларда анча, камида 50 фоизга катталашини, жумладан кейинги йил бошигача шарқий флангда ҳудудий мудофаанинг учта қўшимча бригадаси яратилишини кутмоқдамиз", деб Мацеревичнинг гапларини келтириб ўтди Rzeczpospolita нашри. Мацеревич армиянинг ривожланиши нафақат ҳудудий мудофаа, балки тезкор бўлинмаларга ҳам тегишли бўлишини таъкидлаб ўтди.

Мацеревичнинг айтишича, NFIU’нинг Бидгошдаги бош қароргоҳи очилиши Польша армияси ва умуман Польша учун муҳим кун бўлди. "Бугун биз Польша иттифоқдошларнинг қўшинларини қабул қилишга тўлиқ тайёр деб айта оламиз. Бугун биз НАТО шарқий флангда бўлишга тўлиқ тайёр деб ҳам айта оламиз", деб таъкидлаб ўтди вазир.

Мацеревичнинг таъкидлашича, камида охирги 2 йилда мамлакат хавфсизлигига энг катта хавф "Украинанинг бир қисмини босиб олишга қарор қилган" Россия эканлиги тушунарли бўлган. "НАТО кучларининг Польшада ва бутун шарқий флангда АҚШ қўшинлари каби бўлиши тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Бироқ бу мақсадга эришишнинг йўли Польша ва шарқий минтақанинг бошқа давлатлари қуролли кучларининг ўзларини ҳимоя қилиш ҳамда НАТО ва АҚШ қўшинлари билан ўз ҳаракатларини бирлаштиришга тайёрлиги ҳисобланади", деб айтди Мацеревич.