21 апрелда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида Олимпиадага қурилган "Тим Майя" велойўлаги конструкцияси қулаб тушди. O Globo газетасининг ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларига кўра, оқибатда 2 киши ҳалок бўлган.

Айни вақтда воқеа жойида қутқарувчилар иш олиб бормоқда. Нохуш воқеа велойўлакни ушлаб турган конструкцияга катта тўлқин урилгандан кейин юз берган. Гувоҳларнинг айтишича, бир неча киши пастга – соҳилбўйидаги қояларга тушиб кетган ва улар тўлқин билан денгизга олиб кетилган. Жабрланганлардан 3 киши вайроналар остидан чиқариб олинган ва шифохонага юборилган. Велойўлакнинг қулаган қисми узунлиги 50 метрга яқинни ташкил қилади.

Велойўлак расман январда очилганди. Унинг узунлиги 4 км га яқинни ташкил қилади. Велойўлакдан очиладиган манзара Рио-де-Жанейро мэрияси ва аҳолисининг алоҳида фахри бўлганди. Велойўлак соҳилбўйи бўйлаб, 10 метр баландликдаги қоялар узра кетган ва шаҳар аҳолиси уни дунёдаги энг чиройли велойўлаклардан бири деб ҳисоблайди.