Австралиянинг Skyland Petroleum компанияси 2016 йилда Россия, Грузия ҳамда Тожикистондан Хитойга нефть ва газ етказиб беришни режалаштирмоқда. “Синьхуа” агентлиги хабар қилишича, компания бошқаруви раиси Дэвид Робсон Шанхайда шу ҳақда эълон қилган.

Унинг сўзларига кўра, "Австралия компанияси, шарқий Сибирдаги йирик нефтгаз конлари ҳиссаларини харид қилишни режалаштирмоқда. Мазкур сармоялар юзасидан келишувга эришилгач, нефть ва газ Хитойнинг Хэйлунцзян, Ляонин, Пекин ва Шанхай ҳудудларига "Шарқий Сибирь — Тинч океан" нефть қувури ҳамда "Сибирь қудрати" (Сила Сибири) газ қувури орқали етказиб берилади".

Skyland Petroleum Шарқий Сибирда нефть ва газ конларини ўзлаштиришда Хитойнинг давлат ва хусусий компаниялари билан ҳамкорлик қилади.

Бундан ташқари, Skyland Petroleum Тожикистон жанубидаги нефть-газ конини ўзлаштирмоқда ва ушбу минтақадан Хитойга нефть-газ экспортини шу йилнинг ўзидаёқ йўлга қўйишни режалаштирган.

Шунингдек, жорий йилдан Грузия пойтахти Тбилиси яқинидаги конлардан қазиб олинган маҳсулотлар ХХРга етказиб берила бошланади.