Филиппинда Таэквондонинг WTF йўналиши бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатлари доирасида Манила шаҳридаги Marriot Grand Ballroom отелида Осиё таэквондо уюшмасининг навбатдаги ассамблеяси бўлиб ўтди.

Унда кун тартибидан ўрин олган бир қатор масалалар билан бирга ушбу спорт турининг янги қонун-қоидалари, 2015 йил якунлари, қитъада пумсэни янада ривожлантириш чора-тадбирлари, келгуси йилдан бошлаб ўтказиладиган Осиё очиқ турнири баҳсларини ташкил этишга доир вазифалар келишиб олинди.

Ўзбекистон Таэквондо WTF ассоциацияси матбуот хизматидан маълум қилинишича, илк бор ташкил этиладиган Осиё очиқ биринчилигига бир неча даъвогар орасидан Тошкент шаҳри мезбонликка лойиқ топилди. Бунинг учун ушбу мусобақага даъвогарлик қилган ҳар бир давлат ўз тақдимоти билан иштирок этди.

Ўзбекистон Таэквондо WTF ассоциацияси бош котиби ўринбосари Сарвар Шомусаров маърузасида Ўзбекистон спорт салоҳияти ва нуфузли мусобақаларни юқори савияда ўтказиш борасидаги имкониятларига атрофлича тўхталиб ўтган.

Осиё очиқ биринчилиги олимпиада рейтингига баллар тақдим этиши билан янада аҳамиятлидир.