Италия А сериясининг 34-тур беллашувида «Рома» Туриннинг «Торино» клуби устидан иродали ғалабани қўлга киритди — 3:2.

«Рома» ҳужумчиси Франческо Тоттининг дубли жамоага ғалаба келтирди.

39 ёшли бу ҳужумчи 86 дақиқада, ҳисоб 1:2 бўлиб турган вақтда Сейду Кейтанинг ўрнига майдонга захирадан туширилди ва 2та гол урди.

86-дақиқада римликлар жарима майдончаси ташқарисидан жарима зарбаси амалга оширишди, ўнг қанотдан оширилган тўп Тоттига келиб тушди ва у тўпга биринчи тегишидаёқ ҳисобни тенглаштирди. 89 дақиқада римликлар пенальти ишлашди, нуқтага яқинлашган Тотти мўлжалдан адашмади - 3:2.

Бу ғалаба жамоага учинчи ўринда мустаҳкам ўрнашиш имконини берди.

Бир тур аввал Тотти «Болонья» майдонида кечган ўйинда захирадан ўйинга қўшилиб, «Рома»га 1 очко келтирган голга муаллифлик қилганди.