Хиросима мэри Кадзуми Мацуи агар АҚШ президенти Барака Обама ушбу шаҳарга ташриф буюришга қарор қилса, ундан атом бомбардимони учун узр талаб қилмайди. Шаҳар маъмурияти раҳбари бу ҳақда ўз қароргоҳида матбуот конференциясида маълум қилди.

“Табиийки, биз атом бомбардимони учун жавобгарлик масаласини кўндаланг қўйиш истагимиз бор, бироқ бу ҳодисага 70 йил бўлди ва бу муаммони келгуси авлодлар енгиб ўтиши зарур”, - деб жавоб берди мэр Обаманинг “еттилик” саммитида иштирок этиш учун Японияга ташрифи чоғида Хиросимага ҳам келиш эҳтимоли хусусидаги саволга.

Шу пайтга қадар АҚШ президентларининг ҳеч бири Хиросимани ҳам, Нагасакини ҳам зиёрат қилмаган. Бироқ 11 апрель куни АҚШ давлат котиби Жон Керри “еттилик”нинг бошқа етакчилари билан биргаликда Хиросимага келиб, ёдгорлик остига гулчамбар қўйди. Жон Керри 1945 йилдан буён Хиросимага ташриф буюрган АҚШнинг энг юқори мартабали мансабдори бўлди.

АҚШ томони Хиросима ва Нагасакига берилган зарбалар Токионинг капитуляциясини тезлаштирган ва шу орқали иккала томондан ҳам кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолганини расман таъкидлаб келади.