Апрель охирида Европага АҚШнинг суюлтирилган табиий газ юкланган танкери етиб келади. АҚШ газининг биринчи партияси юкланган кема ҳозирда Луизиана портидан йўлга тушиб, Португалия томон йўналмоқда. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри хабар бермоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, АҚШ гази охирги йилларда Россия етакчилик қилаётган Европадаги газ бозорида барчасини ўзгартириб юбориши мумкин. Таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШ гази нархларнинг тушишини келтириб чиқариши мумкин.

Европада АҚШ гази россиялик газ етказиб берувчиларга жиддий рақобатчи бўлади. Ҳозирда Россия Европанинг учдан икки қисм газини етказиб беради. Германия ярим газини, Италия эса учдан бир газини Россиядан олади. Шунингдек, Норвегия, Жазоир ва Яқин Шарқ давлатлари ҳам Европага газ етказиб беради.   

Таҳлилчиларнинг ишонишича, Европада Америка газининг пайдо бўлиши билан Россия европалик истеъмолчилар учун ўз гази нархини туширишга мажбур бўлиши мумкин.

"Бу АҚШ суюлтирилган гази билан қувур гази ўртасидаги нарх курашининг бошланиши", деб айтди Societe Generale таҳлилчиси Тьерри Брос.

Америкаликлар Европага 2020 йилгача тўлақонли газ етказиб беришни йўлга қўйишга ваъда бермоқдалар. Аввалроқ АҚШ энергетика вазири Эрнест Мониз Европага Россия газидан боғлиқликни камайтириб, унинг ўрнига Исроил газини олишни таклиф қилганди.

Аввалроқ "Газпром" нархлар учун курашмоқчи эмаслигини маълум қилганди. Бироқ агар АҚШ гази учун нархлар тушиб кетса, компания ўз харажатларини қисқартиришига тўғри келади.