21 апрелда Бельгиянинг Фландрия вилоятида жойлашган "Дул" атом электр станциясининг 3-реактори автоматик равишда ишлашдан тўхтади. Мутахассислар реакторнинг тўхташи сабабини аниқлаштирмоқдалар, деб хабар бермоқда Engie Electrabel оператор-компанияси

Бельгиянинг ядровий хавфсизлик бўйича федерал агентлиги қўшни давлатлар ҳукуматларини Бельгиядаги АЭСлардаги реакторлар энг юқори хавфсизлик талабларига жавоб беришига ишонтирди.

7 апрелда ҳам шу АЭСда 1-реактор тўхтагани маълум қилинганди. Ўшанда бунга техник муаммо сабаб бўлгани айтилган.

Бу орада Германиянинг атроф-муҳит, табиатни қўриқлаш, қурилиш ва ядровий реакторлар федерал вазири Барбара Хендрикс Бельгия ҳукуматини АЭСнинг 3-реакторини ва Валлониядаги "Тианж" АЭСининг 2-энергоблокини уларнинг хавфсизлиги исботланмагунча вақтинчалик ишлатмасликка чақирди.

Шунингдек, Нидерландия ва Люксембург ҳам бу АЭСларнинг ишончли эканлиги исботларини талаб қилди. Бельгияга қўшни давлатларнинг бу талаблари охирги вақтларда Бельгиядаги АЭСларда кузатилган бир қатор техник носозликлар ва реакторлардан баъзиларининг пўлат корпуслари ҳолатидан хавотирланиш сабабли билдирилган.

"Дул" АЭСининг 1-реактори Бельгияда энг эски реактор бўлиб, 1975 йилда ишга туширилган. Аввалроқ Бельгия ҳукумати ва мамлакатдаги АЭСларни бошқарувчи Electrabel копманияси "Дул" АЭСи энергоблокларидан фойдаланишни 2025 йилгача узайтириш ҳақида келишувни имзолаганди.

Бу келишув табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари ҳамда Германия ҳукумати томонидан танқид қилинган.

2012 йилда АЭСдаги реакторларни ультратовушли текшириш натижасида энергоблоклардан бирининг корпусида минглаб дарзлар аниқланган, бироқ шунга қарамай ўтказилган экспертизадан кейин у қайта ишга туширилган.