Эквадордаги кучли зилзила қурбонлари сони 587 кишига етди. Бу ҳақда мамлакат бош прокуратураси маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Аввалроқ ер силкиниши оқибатида 525 кишининг ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилинган эди.

16 апрель куни Эквадорда 7,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Унинг маркази Муисне аҳоли пунктидан 28 километр жануби-шарқда, ўчоғи 20,2 километр чуқурликда жойлашди. Табиий офат оқибатида кўп қаватли меҳмонхоналар, ресторанлар ва турар-жой бинолари қулаб кетган.

Энг кўп қурбонлар Манта шаҳрида қайд этилган. У ерда 174 киши ҳалок бўлган. Педерналеседан 172 кишининг, Портовьехо шаҳридан эса 118 кишининг жасади топилган.

Зилзила қурбонларининг 20 нафари хорижлик экани қайд этилган. Қурбонлар орасида саккиз нафар колумбиялик, беш нафар кубалик, икки нафар канадалик, шунингдек, бир нафардан Доминика Республикаси, Ирландия, Буюк Британия, Италия ва Германия фуқаролари бор.

Таъкидланишича, харобалар тартибга солиниши ва қидирув операцияси ўтказилиши жараёнида зилзила қурбонига айланган хорижликлар сони ўсиши мумкин.