Фойдаланувчининг суратига турлича сайқаллар берувчи машҳур MSQRD мобил иловасининг беларуслик яратувчилари Facebook босими остида сиёсатга тўғри келмайдиган фильтрларни ўчириб ташлашга мажбур бўлди. Бу ҳақида TJ нашри хабар берди.

Яқин кунлардан бери MSQRD иловасида Обама, ҳинду ва Леонардо Ди Каприонинг ниқоблари йўқ қилинган, Снуп Догнинг ниқоби эса рэперга хос тери рангидан мосуво бўлган. Уларнинг ўрнига бошқа янги фильтрлар пайдо бўлди, уларнинг орасида Facebook тармоғининг Like белгиси акс эттирилган кепка ҳам бор. Сталиннинг ниқоби эса қолдирилган.

MSQRD бош директори ва асосчиларидан бири Евгений Невгеннинг сўзларига кўра, Facebook тармоғи таъсирида ниқобларни олиб ташлаш қарор қилинди.

"Гап шундаки, Facebook билан иттифоқдошлик бизга кўп чекловлар қўйилишига сабаб бўлди. Биз сиёсий жиҳатдан ўзимизни тўғри тутишимиз, барча ирқчилик ҳаракатларидан тийилишимиз керак. Масалан, бизга ҳинду ниқобини олиб ташлашни маслаҳат беришди. Come on! Наҳот бу ирқ ажратиш бўлса? Беларусда бу биз учун шунчаки қизиқ ниқобдек туюларди. Бироқ америкаликлар бундай нарсаларга жуда катта аҳамият беришади. Snoop Dogg'нинг ниқоби ҳам тўғри келмади, ахир кимдир ёзиши мумкин-ку: "Оқ одамлар қораларнинг ниқобини кийиб мазах қилишмоқда" деб.
Евгений Невгень, MSQRD бош директори

Невгень бошқа баъзи маълумотларга ҳам ойдинлик киритди: MSQRD иловасидан 35 миллион киши фойдаланади (қанча вақт ичидалиги аниқ айтилмади, аммо одатда охирги ой маълумотлари берилади), икки ой ичида жамоамиз Лондонга кўчиб ўтади.

Facebook компанияси томонидан MSQRD'нинг сотиб олиниши 9 март куни маълум бўлганди.