Миллий матбуот марказида “Ўзархив” агентлиги томонидан соҳа мутахассислари малакасини ошириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда “Ўзархив” агентлиги бош директори А.Абдуллаев ва бошқалар иштирок этди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Мамлакатимизда 103 давлат архиви, маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида 110 идоралараро шахсий таркиб архивлари ҳамда тўққиз мингдан зиёд идоравий архивлар фаолият юритмоқда.

Архив иши ва иш юритиш йўналишида кадрлар тайёрлайдиган 28 касб-ҳунар коллежи, 4 олий ўқув юрти мавжуд. Марказий давлат архивлари қошида ташкил этилаётган “Ижро назорати ва иш юритиш маҳорати”, “Идоравий архивлар фаолиятини ташкил этиш асослари” ўқув курсларида ходимлар малака оширмоқда.

Анжуманда архив муассасаларини билимли ва малакали кадрлар билан таъминлаш, соҳа бўйича лавозимларини ошириб бориш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими ҳақида маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.