Интернетдаги янги ваҳима: “Банандан ОИТС юқар экан...”

Ижтимоий тармоқлар орқали "банандан ОИТС юқиши" ҳақида ваҳимали хабар пайдо бўлди ва бу ваҳимали хабарлар турли муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Наҳотки, энди банан ейиш мумкин бўлмаса?

“Шошилинг! Дўстлар, мен ҳайратдаман.... Ёзяпману, қўлларим титраяпди. Банан сотиб олманг. Мана, ҳозир бананнинг ичи қон билан тўла эканига гувоҳ бўлдим”.

Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлаётган мана шу каби гап-сўзлар атрофида бир томони қизарган банан мевасининг расми ва ундан гепатит В ва ОИТС касалликлари тарқалаётганлиги ҳақидаги хабарлар авж ола бошлади, деб ёзади “Даракчи” газетаси.

Газета ушбу ҳолат юзасидаги саволлар билан Республика Давлат Санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи ўринбосари Нуриддин Тошбоевга мурожаат қилди.

— Аввалламбор шуни айтиш керакки, ОИТС ва Гепатит В касалликлари фақат қон орқали юқади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур касалликларнинг банандан юқиши борасидаги фикрлар асоссиз. Сабаби, инфекциянинг юқиши учун шароит бўлиши керак.

Агар банан ва бошқа мевалар Гепатит В ва ОИТС касалликларининг қўзғатувчилари билан зарарлантирилган ҳолда ҳам, у ерда вирус ривожланадиган муҳит йўқлиги сабабли нобуд бўлади.

Бу иккала касаллик ҳам оғир турдаги юқумли касаллик ҳисобланади.

Гепатит В да комплекс даволаш амали шифокор назорати остида бажарилганида, 1-1,5 йилда тузалиб кетади. Агар вақтида тўлақонли аволанмаса, жигарнинг функционал бузилишига ва касалликнинг оғир асорати — жигар циррозига олиб келади.

Ўзбекистон Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи ўринбосари Нуриддин Тошбоевнинг таъкидлашича, республикага кириб келаётган нафақат банан, балки барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган тартибда текширувдан ўтади. Маҳсулотнинг сифатини кафолатловчи “Ўзстандарт” агентлигининг “Мувофиқлик сертификати” ҳамда хавфсизлигини таъминловчи Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг “Санитария-эпидемиологик хулосаси” олинади.

Маълумот учун, банандан одамга ОИТС юқиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар яқин хориж мамлакатларида деярли ҳар йили пайдо бўлади. Масалан, 2014 йили Қозоғистонда ОИТС нафақат банандан, балки апелсиндан ҳам юқиши ҳақида гап-сўзлар тарқатилган, 2015 йили Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида ваҳимани босиш учун банан орқали ОИВ юқиши имкони йўқлиги ҳақида баёнот берган, миш-мишлар Чеченистонгача етиб борган. Унинг келиб чиқиш тарихи эса Буюк Британияга бориб тақалиши ҳақида хабарлар берилган.