Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков "Исроил ОАВининг мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Россия ҳарбий-космик кучлари таркибидаги қирувчи самолётлар томонидан ўққа тутилгани ҳақидаги хабарлари ҳақиқатдан йироқлиги"ни билдирди. Бу ҳақда ТАСС хабар берган.

"Исроил матбуотининг бу борадаги хабарларига изоҳ бермайман. Уларда келтирилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди", — деган Песков россиялик журналистларга.

У Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу билан учрашувда Россия президенти Сурия ва Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилганини билдирган. Шунингдек, томонлар икки мамлакатнинг савдо ва иқтисодий соҳалардаги ҳамкорлиги бўйича фикрлар алмашилганини аён этган.

"Учрашув ўта самарали ўтди. Учрашувлар 3 форматда ўтказилди: тор тоирадаги учрашув, делегациялар иштирокидаги музокаралар ҳамда юзма-юз суҳбат шаклида", дея қўшимча қилган у.

22 апрель куни Исроидаги етакчи нашрларидан бири Yedioth Ahronoth Россия ҳарбий-коинот кучларининг Суриядаги гуруҳи самолётлари Исроил ҳарбий самолётларини камида икки бор ўққа тутганини маълум қилди. Газетанинг даъво қилишича, мазкур ҳолат мамлакат бош вазири Биньямин Нетаньяхуни Москва билан тезкор алоқани яхшилаш йўлларини қидиришга мажбур этган.

Хабарда бу воқеа айнан қачон ва қайси ҳудудда бўлиб ўтганига аниқлик киритилмаган.

Нашрнинг ёзишича, март ойида Исроил президентининг Россияга ташрифи вақтида ҳам бу масала кўтарилганди.

Исроил мудофаа армияси вакили бу хабарга изоҳ беришдан бош тортган.