Польшалик яҳудийлар раввин сифатида уларнинг ишончига кирган насроний католикни фош қилишди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ушбу воқеа Познанда юз берди. Шаҳарнинг яҳудийлар жамоати вакили Алисия Кобуснинг айтишича, ўзини Хайфа шаҳридан бўлган Яков бен Нистелл деб таништирган эркак яҳудийларнинг ишончига кириб олган. У Исроил мустақиллик кунига анъанавий байрам нони пиширган, яҳудийлар қабристонида қабрларга қараб юрган, яҳудий тилида бемалол гаплашган, Исроил радиосини тинглаган, барча дуоларни билган ва яҳудийлар тарихи бўйича маърузалар ўқиган. Уни биринчи бор кўрган яҳудийлар уни раввин деб ўйлашмаган, эркак бунга қаршилик ҳам қилмаган. Польшанинг бош раввини Михаэль Йосеф Шудрих сохта яҳудий билан бир неча бор учрашганини, у доимо жилмайиб турадиган хушмуомала одам бўлганини айтган.

Эркак тасодифан фош қилинди: унинг қадрдон шаҳри Цеханув аҳолиси католик ва мусулмон руҳонийлари иштирокидаги тадбирнинг телетрансляцияси вақтида ўз ҳамшаҳарларини таниб қолишган. Улар унинг асл исми Яцек Нащота эканлиги, ўзи католик ва яқин кунларгача ошпаз бўлиб ишлаганини маълум қилишган. Эркак фош бўлганини билгач, ғойиб бўлган.

Шаҳарнинг яҳудий жамоати эркак уларнинг обрўсига қандайдир зиён етказган бўлиши мумкинлигини аниқлаштиришмоқда. Бу орада Шудрих бу воқеа аянчли бўлсада, бироқ Польшада яҳудий анъаналарига қизиқишнинг ортаётганидан далолат беришини айтган. "Ким 30 йил аввал, 70 йилни гапирмасаям бўлади, раввин бўлишни хаёлига келтирган?", деб савол билан юзланди Шудрих.

Бугунги кунда Польшада 80 мингга яқин яҳудий яшайди. 47 фоиз польяклар яҳудийлар мамлакатда катта таъсирга эга, деб ҳисоблайдилар.