Қуёш батареялари қуввати ҳисобига ҳаракатланувчи самолёт яна дунё бўйлаб саёҳат қилади. Учувчи Бертран Пикар бошқарувидаги Solar Impulse 2 самолёти 62 соат давомида Ҳавайи оролларидаги Калаелоа аэропортидан Калифорниянинг Моффетт аэропортига учиб бориши лозим. Бу ҳақда лойиҳанинг расмий Twitter саҳифасида маълум қилинди.

Solar Impulse 2 самолётининг дунё бўйлаб саёҳати 2015 йилнинг ёзида Нагоядан Ҳавайига беш кунлик парвоз чоғида қуёш батареяларининг қизиб кетиши туфайли тўхтатилган эди. Самолётни таъмирлаш ишлари ва парвоз учун қулай шароитлар кутиб саёҳат кечиктирилди.

Ҳавайидан Калифорнияга учиш самолёт дунё бўйлаб саёҳатининг тўққизинчи ҳудуди бўлди. Solar Impulse 2’нинг сўнгги манзили БААнинг Абу-Даби шаҳри ҳисобланади. Айнан шу ердан 2015 йил 9 март куни самолёт саёҳатга йўл олган.

HB-SIB - Solar Impulse сериясидан иккинчи моделнинг номи – альтернатив энергетика имкониятларини намойиш этишга мўлжалланган. Унинг тақдимоти 2014 йил 9 март куни бўлиб ўтган.

Миссияни амалга ошириш чоғида Solar Impulse 2 учувчиси битта учувчи бошқарувидаги парвоз давомийлиги рекордини янгилади. У 117 соат 52 дақиқада 7212 километрдан ортиқ масофани учиб ўтишга муваффақ бўлди. Solar Impulse 2 самолётини Андре Боршберг ва Бертран Пикар навбатма-навбат бошқаради. Парвоз давомида учувчи бир кунда уйқу учун ўн марта 20 дақиқалик танаффуслар қилади.