Тирикчилик ўтказиш, рўзғорини бутлаш илинжида чет мамлакатга йўл олган Санжар Ўлмасовнинг ўзга юртда омади юришмади. Самарқандга қайтиб келганидан сўнг ишбилармонлик борасида ҳалолликни писанд қилмаган эди, панд еди.

2010 йилда Самарқанд шаҳар судининг ҳукми билан 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, жарима жазосига тортилди. Унга ҳукумат томонидан бағрикенглик кўрсатилиб, амнистия актига асосан жарима жазосидан озод қилинди.

С.Ўлмасов ғаразли ва паст ниятларда моддий бойлик орттиришни мақсад қилиб, О.Зубайдуллоева, Н.Тажибаева (жиноят ишининг уларга нисбатан қисми мазмунан ҳал этилган) ва бошқа номаълум шахслар билан тил бириктириб, одам савдосидек жирканч жиноятга қўл урди.

О.Зубайдуллоева бошчилигидаги уюшган гуруҳнинг аъзосига айланган Санжар “раҳбар” томонидан тақсимланган вазифага кўра, жиноий тўда аъзоларининг Бирлашган Араб Амирликларидаги супермаркетда юқори маошли иш билан тайёрланган хўрагига илиниб, ўзга мамлакатга йўл олган содда фуқароларни БАА давлатига олиб бориш, кейинчалик улардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш тадбирлари билан шуғулланиш лозим эди. У бу ишни қойиллатиб бажаради.

Аввалига Н.Тажибаева билан алдов қурбонига айланиб, ўзга мамлакатга борган, гуруҳ аъзолари томонидан фоҳишалик билан шуғулланишга маҳкум этилган фуқаро К.Қулмуродовага (жабрланувчиларнинг исм-фамилияси ўзгартирилган) БААда юриши учун виза ҳужжатларини тайёрлаб беради.

Кейинчалик эса В.Эралиеванинг БАА давлатига бориши учун зарур бўлган виза ҳужжатларини тайёрлаб, жўнатиб юборади. Фуқаро у ерда 40 минг дирҳам ишлаб бериш шарти билан фоҳишалик қилишга мажбур бўлади.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан С.Ўлмасовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135 –моддаси 3–қисми “г” банди билан 10 (ўн) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.