Ботир Қодиров ўзбек миллий ва замонавий эстрада қўшиқчилиги санъати майдонига илк марта “Сени ўйлайман” қўшиғи билан кириб келган эди. Ботир Қодиров сермаҳсул ижоди давомида бугунгача бирин-кетин “Адашдим”, “Айирма”, “Гўзалсан”, “Алдамадим”, “Дийдор учун”, “Эй дил”, “Жим туринг” каби хит қўшиқларни яратди.

Kun.uz сайти ашаддий мухлислар ва тингловчилар талабини инобатга олган ҳолда Ботир Қодиров билан эксклюзив суҳбат уюштирди. Суҳбатни ўқиш жараёнида мухлислар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишлари мумкин.

М.Э: - Ботир ака, келинг, суҳбатимизни анъанавий саволдан бошласак... Айни кунда нималар билан бандсиз?

Б.Қ. - Охирги концертимиздан сўнг чет эл сафарига бориб, ҳордиқ чиқардик. Сафардан қайтганимиздан сўнг яна тинимсиз меҳнат бошланди. Янги мусиқий альбомимиздан ўрин олган “Кўнгил изҳори” номли қўшиғимизга клип суратга олдирдик. Насиб этса, тез кунда қўшиқ клипи билан мухлислар эътиборига ҳавола этилади.

М.Э: - Охирги концертингизда хилма-хил мавзу ва декорациялар мухлисларга манзур бўлди. Аммо бари бир концертда жонли ижро етишмагани сезилди.

Б.Қ. - Жонли ижрода қўшиқ айтиш истаги бизда ҳар доим бўлган. Аммо кунига икки маҳалдан концерт бериш жисмонан қийинчиликлар туғдириши боис жонли концерт қўйиш қарорини ўзгартиришга қарор қилдик. Саҳнада туриб қимирламасдан ашула айтилмайди-ку? Бу исталган профессионал хонандага ҳам қийинчилик туғдириш табиий. Қолаверса, мен куйлаган ўзига хос йўналишдаги қўшиқлар билан юриш, рақсга тушиш, халқ олдига тушиш ҳам керак бўлади. Мен бунга тайёрмасман, демайман. Балки, келгуси концертларда жонли ижрода куйлашни ният қилганман.

C.А: - Суҳбатимиз ижод ҳақида кетаётганда табиий бир савол туғилади, қўшиқларингизга клип олишга қизиқмайсизми ёки бунга ҳафсала етишмайдими?

Б.Қ. - Мен азалдан мухлисларимиз дидига мос ижод маҳсули, уларга ёқадиган, шлягер даражасидаги қўшиқ тақдим этишга ҳаракат қилганман. Лекин аввалдан клип олишга қизиқмаганман. Қолаверса, “мен қўшиқ куйладимми, албатта, клип суратга олишим шарт” деган принцип билан ижод қилмайман. Агар ўша клип мухлислар томоша қилишига арзиса, клип тарзида тақдим этишим мумкин. Баъзи санъаткорлар ҳар икки ойда клип суратга олдирмаса туролмайди. Агар шундай қилмаса, рейтинги тушиб кетиб, одамларнинг эсидан чиқиб кетади.

М.Э: - Кўпчиликка маълумки, сиз санъаткорлар оиласида дунёга келгансиз. Бугунгача сизнинг санъаткор бўлиб етишишингизга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, онангиз Зулхумор Қодированинг қай даражада ҳиссаси бор?

Б.Қ. - Нафақат санъаткор, балки инсон бўлиб шаклланишимда, ҳаётнинг паст-баландликларини тушуниб, бугунгача санъатда эришган мавқеимга онамнинг дуолари, ҳиссаси катта. Санъатга кириб келишимга раҳматли онамнинг турткиси сабаб бўлган. Онам оламдан ўтди. Лекин халқ - менинг онам... Мухлис онахонларимизнинг дуолари туфайли бугунгача ижодда муваффақиятларга эришиб келяпман.

М.Э: - Санъаткорлардан бири суҳбат давомида “агар омад келмаса, санъаткор минг уринмасин, бари бир машҳурликка эришолмайди”, деган эди. Бу фикрга сизнинг муносабатингиз?

Б.Қ. - Омад худо томонидан бериладиган неъмат. Агар нияти бўлса, унга албатта омад келади. Ҳақиқий санъаткор бўламан, деган инсон қобилияти, овози бўлса бу соҳада ўқийди. Шу соҳанинг моҳир мутахассиси бўлиш учун шогирд тушади. Қалбида халқимга хизмат қиламан, деган заррача яхши нияти бўлса унга, албатта, омад келади.

М.Э: - Бугун хонандалар орасида устоз санъаткорлар репертуарига мурожаат қилиш урфга кирди. Сиз ҳам ўзингиз севиб тинглайдиган Таваккал Қодиров, Маъмуржон Узоқов ёки Фаттоҳхон Мамадалиев каби санъаткорлар қўшиғини куйлаб кўрмайсизми?

Б.Қ. - Устозларимиз биз учун жуда катта мерослар қолдиришган. Бу мерослардан тўғри фойдаланишимиз керак, албатта. Болалигимдан бери устоз санъаткорларнинг ижод маҳсулларини тинглаб, шу кишиларга ўхшаб қўшиқ айтишга мунтазам ҳаракат қилиб келганман ва ўрганганман. Бу сиз айтгандек санъаткорлар орасида урфга киряпти. Албатта, устозлар куйлаган қўшиқларни худди улар каби ижро эта олмаймиз. Лекин сал уларга яқинлаштириб куйлашимиз мумкин холос. Ўтган йили ноябрь ойида қўйган концертимда устоз Камолиддин Раҳматовнинг розилиги билан куйланган “Йиғлатур” номли қўшиғимни тақдим этдим. Бу қўшиққа албатта, мухлисларнинг ўзи баҳо бергани маъқулроқ.

С.А: - Биламизки, тарихда машҳур одамларнинг қалбида муҳаббат бўлган. Истеъдодини кўрсатишга уни илҳомлантирган нимадир бўлган. Шу боис ҳам бугун ҳақиқий Навоийлар йўқ, Навоий бор. Шерозийлар йўқ, Шерозий бор. Худди шу каби Ботир Қодировлар йўқ, Ботир Қодиров бор. Бугун мана шу чўққиларга етиб келган Ботир Қодировни ижод қилишга ундайдиган илҳом нимада?

Б.Қ. - Жуда ҳам яхши савол бўлди. Болалигимда санъатга бўлган қизиқишим катта бўлса ҳам, 9-синфни битиришим арафасида бу соҳани танлашга иккиланганман. Ўшанда бувим ва онам менга тўғри йўлни кўрсатишган. Аниқроғи, санъатни танлашимга онамнинг қайсидир ушалмаган орзулари, орзу-ҳаваслари сабаб бўлган. Тўғри, сиз айтгандек, бугун Навоийлар йўқ, Навоийлар бор... Бизнинг халқимиз ана шундай буюкларни улғайтирган. Балки, бугунги кунда ижод қилаётган санъаткорлар келажакда ана шундай буюкларга айланар?

М.Э: - Айнан кимлар деб ўйлайсиз?

Б.Қ. - Бугунги кунда бундай санъаткорлар жуда ҳам кўп. Масалан, “Ялла” гуруҳи... бутун дунё билади бу гуруҳни. Россия, Қозоғистон... деярли, ҳар бир тўйда “Ялла” гуруҳи хизматда! Қолаверса, Ботир Зокиров эстрада қўшиқларининг яратилишига салмоқли ҳисса қўшган. Рашид Холиқов улар қаторида. Бу ижодкорларнинг яратган қўшиқлари келажак авлод учун шлягер бўлиб қолади, деб ўйлайман. Миллий ва мумтоз қўшиқлар ижрочиларидан устоз Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков... Бир сўз билан таърифлаганда –“легенда”(афсона) улар! Тўрт йил аввал юртимизга Туркиялик қўшиқчи Иброҳим Тотлисас келди. Мен шу санъаткор билан суҳбатлашиб, уни аэропортгача кузатиб қўйдим. Иброҳим Тотлисас “Сизларда Озодбек деган хонанда бор экан, 20 кунлаб концерт бераркан. Биз кун давомида ярим кун, жуда ошиб кетса, бир кун концерт қўямиз“, деган эди.

М.Э: - Лекин Иброҳим Тотлисас бир кун концерт берса ҳам жонли ижрода беради... Бизда эса 25-30 кун концерт бўлса ҳам фонограммада берилади.

Б.Қ. - Нега, Юлдуз Усмоновачи? Озодбек Назарбековчи? Мен бу санъаткорларниг бирортасини фонограммада концерт берганини эслай олмайман.

C.А: - Санъаткорлар қисман ижоди, нима еб, нима ичиши, ҳар бир ҳаракатини суратларга муҳрлаб, соатма-соат инстаграм орқали жойлаштириб боришади. Бу уларнинг машҳурлигига қисман ҳисса қўшиб боради ҳам. Сиз эса яқинда, инстаграмда саҳифангиз борлигини рад этдингиз. Ижтимоий тармоқларда нега йўқсиз?

Б.Қ. – Асосий сабаби, бунга вақтим йўқ. Қимматли вақтимни нима иш қилаётганим, қайси куй устида иш олиб бораётганим, нима овқат еяётганимни расмга олишга сарфлашни истамайман. Интернетга ижодий изланиш учун кираман холос.

C.А: - Шундай қатъий принципга эга одам, ўзининг номидан очилган сохта саҳифа борлигини эшитиб, кўнглидан нималар кечди?

Б.Қ. - Бу бирорта ёш боланинг иши бўлса керак. Чунки ақлли одам бу ишни қилмайди, деб ўйлайман. Бунга унчалик эътибор берганим ҳам йўқ.

М.Э: - Бугунгача Ўзбекистон мадҳини жуда кўплаб ҳофизлар мадҳ этди. Аммо сиз тинглаган ва сизга манзур бўлган Ўзбекистон ҳақидаги қўшиқ қайси ва унинг муаллифи ким?

Б.Қ. - Севара Назархон ижросидаги “Улуғимсан Ватаним” қўшиғи. Балки, Севара билан ўзаро қўшиқ танлашдаги дидимиз бир-бирига яқин бўлгани учунми, бу қўшиқ менга жуда ёқади.

C.А: - Бугунги кунда эстрада қўшиқчилигида ижод қилаётган ёш хонандаларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

Б.Қ. - Энг аввало хонанда инсонийлик фазилатларни ўзида мужжассамлаштириши керак. Кўпроқ ўқиши керак. Кибрдан эҳтиёт бўлиши керак...

Суҳбатимиз давомида лирик чекиниш қилиш учун, хонандадан қўшиқ куйлаб беришини сўрадик. Ботир Қодиров илтимосимизга кўра Андреа Бочеллининг “Бессаме Мучо” қўшиғини куйлаб берди. Жонли ижродаги қўшиқни тинглаб, олқишлагач, яна суҳбатимизни давом эттирдик.

C.А: - Сизнингча, мана шу каби шедевр қўшиқ тайёрлаш учун санъаткорга нима керак?

Б.Қ. - Бунақа асар тайёрлаш учун менимча, Андреа Бочеллининг умридек умр, вақт, билим, уники каби қалб керак... Омад... Бундай орзу ҳамма санъаткорда бўлади. Балки, бизга ҳам шундай омад насиб этиб қолар?

М.Э: - Ҳаётда ақлга суяниб иш тутасизми ёки юракка?

Б.Қ. - 50га 50

C.А: - Яхши ва ёмон одамни фарқига қандай борасиз?

Б.Қ. - Кўзига қараб фарқлайман. Ахир айтишади-ку, кўз-қалб ойнаси” деб.

C.А: - Ўзингизни санъатдан ташқари яна қайси соҳада тасавур қиласиз?

Б.Қ. - Мендан яхши ташкилотчи чиққан бўларди, деб ўйлайман. Масалан, бирор бир меҳмонхона бошқарувчиси бўлишим мумкин эди. Чунки меҳмонхона бизнесига жуда ҳам қизиқаман.

М.Э: - Келажакда шу касбда ўзингизни синаб кўришингиз мумкинми?

Б.Қ. - Албатта!

М.Э: - Ҳаётда инсониятнинг яшашдан мақсади нимада деб ўйлайсиз?

Б.Қ. - Муносиб фарзанд бўлиш.

М.Э: - Сизнинг оилада ёлғиз фарзандлигингизни кўпчилик билади... Қайси пайтларда ака-уканинг ўрни сезилган сизга?

Б.Қ. - Ака ва уканинг ўрни ҳар доим сезилган. Сезилиш керак бўлган пайтда сезилган... Худога беҳисоб шукр, ҳаётим давомида бугунгача менга муносиб, яхши акалар, дўстлар, ҳамкасблар учради. Бир қориндан туғилмаган бўлсак ҳам, шу даражадаги яқинларим бор. Улар ҳаётда ака-укаларимнинг йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилишади.

C.А: - Энг сўнгги бор ўқиган китобингиз?

Б.Қ. - Чингиз Айтматовнинг “Кассандра тамғаси” асари. Ушбу китобнинг ўқувчи учун кўп ибратли томонлари бор.

М.Э: - Қўшиқчилик соҳасида бир хонанданинг овозига бошқа бир хонанданинг овози мутаносиб бўлиши кўп кузатилган ҳолат. Сизнинг овозингизга мутаносиб бўлган бирор хонанда ижодидан парча куйлаб берасизми? Масалан, Григорий Лепс ижодидан...

Б.Қ. - Менинг овозимга мутаносиб эмас, аксинча, менинг овозим унинг овозига мутаносиб бўлса керак... Қанча товушлар бир-бирига ўхшамасин, жуда яқин бўла олмайди. Ижро этишга келсак, майли, бир парча ижро этиб бера қолай...
У Григорий Липснинг “Водапад” қўшиғидан парча куйлаб берди. Олқишдан сўнг...

М.Э: - Шиорингиз?

Б.Қ. - Яхши инсон бўлиш.

М.Э: - Ҳаётда нимадан қўрқасиз?

Б.Қ. - Телефоним синиб қолишидан... (кулади). Одатда инсон нималардан қўрқса, мен ҳам шулардан қўрқаман.

М.Э: - Қўшиқни ижро этиш жараёнида хонанданинг юраги ишлаши керак. Агар хонанда ўша дардни юракдан ҳис қилмаса, бошидан ўтмаган бўлса, мухлисга ҳам қўшиқ дардини етказиб беролмайди, дейишади. Бу фикрга қанчалик қўшиласиз?

Б.Қ. - Албатта, юрак бўлиши керак, деб ўйлайман. Бошидан кечириб ўтган бўлиши шарт эмас. Санъаткор уч дақиқалик қўшиғи билан мухлис қалбига кириб боради. Унинг учун қўшиқни юракдан чиқариб куйлай оладиган санъаткор бўлиши керак. Кайфияти яхши бўлиб, юракдан берилиб айтса, гарчи санъаткор қўшиқ дардини бошидан ўтказмаган бўлса ҳам, тингловчига қулоқдан киргизиб, юракдан чиқариб овози орқали етказиб бера олади.

C.А: - Сизга ақлли душман афзалми ёки нодон дўст? Агар танлаш имконияти бўлса, қайси бирини танлардингиз?

Б.Қ. - (Узоқ ўйланиб) Душманнинг ақллсизи ҳам бари бир душман-да! Нодонни тарбияласангиз бўлади. Тарбиялашнинг иложи бўлмаса кечиб юборасиз... Чунки ақлсиз дўст ҳам зиён етказиб қўйиши мумкин...

C.А: - Сизнингча, бугунги аср инсониятига нима керак?

Б.Қ. - Яхшилик, ҳалоллик, тинчликнинг қадрига етиш керак. Қадр-қиммат, меҳр-оқибат, севги- муҳаббатни қадрлаш керак. Юртни асраб-авайлаш, бегуноҳлар кўз ёшини оқизишдан қўрқиш керак.

М.Э: - Бугунги кунда ижод қилаётган аксарият ёш хонандалар ортидан шогирдлари етишиб чиқяпти. Яқинда Сардор Мамадалиев ҳам “Шогирдларим шунақа кўпки, ўзим ҳам билмайман, уларнинг қаердан кўпайиб келаётганлигини” дея ҳазиллашганди. Негадир бугунгача “Мен Ботир Қодировнинг шогирдиман” дейишганини эшитмадик...

Б.Қ. - Мен бошқа бировларнинг қанча шогирди борлигини санаб вақтимни ўтказмайман. 2012 йилда тақдим этган концертимизда шогирдим Аброр Азимов чиқиб, қўшиқ куйлаган. Аброр ўн йил давомида ёнимда юрган. Ойбек Иноятов, Аҳрорбек исмли шогирдларим ҳам бор. Мен уларни 100 нафарга яқин болаларнинг ичидан танлаб олганман. Ҳозирча, улар билан “устоз-шогирд” анъаналарини тўхтатганман. Сабаби, устоз-шогирдчиликнинг масъулияти катта. Агар улар менинг қўлимда яхши инсон, яхши санъаткор бўлиб етишиб чиқса, бу - менинг юзим. Аммо уларга вақт ажрата олмай, умрини бекор ўтказишларидан қўрқаман.

М.Э: - Ўз устозингиз биланчи, устоз-шогирд анъанаси қай даражада давом этмоқда?

Б.Қ. – Устозим, Азиз ака Зайнобиддинов билан муносабатларимиз яхши. Яқинда Андижонда сумалак қилдик. Сумалакда устозим биз билан бирга бўлди. Андижонга борганимда шу тадбирлар давомида устозим билан кўришамиз. Сабаби, устозим ҳам ўзига яраша банд, ишлари кўп. Мен ҳам аввалгидек, Андижонга тез-тез бормайман.

C.А: - Яқинларингиздан бирор киши сизнинг шуҳратингиздан фойдаланишига шароит яратганмисиз?

Б.Қ. -Агар яхшиликка бўлса, индамайман. Ёмонликка бўлса, тўхтатаман.

М.Э: - Ҳаётиниздаги энг оғир кунлар ва қийинчиликлар нима билан узвий боғлиқ?

Б.Қ. - Айримлари ўзимнинг хатоларим билан боғлиқ. Айримлари тақдир, бўлганлиги учун. Қийинчиликлардан ҳеч ким холи эмас. Яхшиси, сабр қилиш керак...

М.Э: - Аёл ҳамкасбларингизнинг саҳна ва ижтимоий тармоқларда очиқ-сочиқ либосларда намоён бўлаётганликларига муносабатингиз? Бу санъаткорнинг касб одоби меъёрларига мос келади, деб ўйлайсизми?
Хонанда узоқ ўйланиб қолди...

Б.Қ. - Менимча, бу билимсизликдан келиб чиқади. Биз ўқиган пайтларда институтда рус тилидан этика-эстетика дарси бўларди. Шу дарсда санъаткор ўзини қанақа тутиши кераклигидан бошлаб, қанақа дастрўмол тутишигача ўргатиларди. Ҳар бир нарсада меъёр бўлиши керак, деб ўйлайман. Хонандалар ўзбек менталитетидан келиб чиқиб кийиниши керак. Эркак санъаткорларнинг кетидан эргашаётган ёш йигитлар, аёл санъаткорларга эргашаётган ёш қизлар бор...

М.Э: -Kun.uz мухлисларига билдирадиган тилакларингиз?

Б.Қ. - Мен бу сайтни жуда ҳам ҳурмат қиламан. Ҳар томонлама савияли, ҳурматга сазовор, ўз мухлислари бор, мухлислар билан санъаткорлар ўртасида кўприк вазифасини ўтайдиган сайтлардан бири. Фурсатдан фойдаланиб Кун.уз ижодкорларига куч ва омад тилайман. Сайтнинг ўқувчиларига эса бахт, соғлик йўлдош бўлишини тилаб қоламан. Бахтимизга юртимиз тинч, халқимизнинг яхши кунлари кўп бўлсин.

Қисқача маълумот:

• Ботир Қодиров 1981 йил 6 май куни Андижонда, санъаткорлар оиласида таваллуд топди. Онаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (марҳум) Зулхумор Қодировадир. Ботир Қодировнинг қўшиқ куйлашга бўлган иштиёқи болалигиданоқ шаклланиб, мактабни тамомлагач, 2000 йил Андижон санъат коллежига ўқишга киради. Коллежни тугатгандан сўнг эса Тошкент Давлат маданият институтининг анъанавий хонандалик факультетига ўқишга киради. Хит тароналари эса “Адашдим” ва “Сени ўйлайман” қўшиқлари бўлган. Ҳозирги кунгача хонанда 60 га яқин қўшиқ, 10га яқин клип ва 4та мусиқий альбомни ўз мухлисларига ҳадя этди.

Интервьюнинг видео версияси

Kun.uz интервьюни суратга олишда яқиндан ёрдам берган "Pasado" ресторанига ўз миннатдорчилигини билдиради. 

Сарвар Анвар ўғли, Моҳичеҳра Эшмирзаева суҳбатлашди