2016 йилнинг 16 апрель куни Эквадорда қайд этилган Рихтер шкаласи бўйича 7,8 баллик даҳшатли зилзиладан сўнг, шу кунгача 714 марта такрорий ер силкинишлари кузатилган. Мамлакат геофизика институти раҳбари Марио Руис шу ҳақда маълум қилган. Уларнинг энг кучлиси 5,2 баллни ташкил этди.

Эквадор шимоли-ғарбидаги Манаби провинцияси Педерналес шаҳрида юз берган табиий офат, 1979 йилдан бери энг кучли зилзила ҳисобланади. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, камида 602 нафар инсон қурбон бўлган, қарийб 12,5 минг киши жабрланган. Мамлакат иқтисодиётига етказилган иқтисодий зарар кўлами миллиардлаб долларда ҳисобланмоқда.

Минтақанинг қатор мамлакатлари, хусусан Боливия, Венесуэла, Колумбия, Куба ва Мексика Эквадорга қутқарувчилар ва гуманитар ёрдамларини юборди. Россия ФВВ махсус рейс орқали жўнатган гуманитар ёрдами ҳам 22 апрель куни республикага етиб борган.