Эквадордаги кучли зилзила қурбонлари сони 602 кишига етди. Бу ҳақда мамлакат фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига таяниб, Рейтер агентлиги хабар берди.

Хабарда қўшимча қилинишича, мамлакат ҳудудида яна бир неча ҳафта давомида ер силкинишлари давом этади ва бу зилзилар кучи юқори бўлмайди. Ҳукумат аҳолини ваҳимага тушмасликка чақирган.

Бундан олдинги маълумотларда зилзила қурбонлари сони 587 кишига етгани айтилганди.

23 апрелга ўтар кечаси Эквадорда навбатдаги зилзила қайд этилган.

Европа-Ўрта Ер денгизи сейсмология маркази маълумотларига кўра, 5,8 магнитудали янги зилзила эпицентри мамлакат пойтахти Кито шаҳридан 214 км ғарбда, Муинсе шаҳридан 26 км ғарбда жойлашган.

Ҳозирча бу зилзила талофатлари ҳамда қурбонлар ҳақида аниқ маълумотлар келтирилмаган.

16 апрель куни Эквадорда 7,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Унинг маркази Муисне аҳоли пунктидан 28 километр жануби-шарқда, ўчоғи 20,2 километр чуқурликда жойлашгани айтилди. Табиий офат оқибатида кўп қаватли меҳмонхоналар, ресторанлар ва турар-жой бинолари қулаб кетди.

Бундан олдинроқ, Жаҳон банки Эквадор ҳукуматига зилзила оқибатларига қарши курашиш учун 150 млн доллар миқдоридаги маблағни ажратиши маълум қилинганди.