Франция Эквадорда юз берган 7,8 баллик даҳшатли зилзиладан бир ҳафта ўтгач, 30 нафар ҳарбийдан иборат бўлинмасини Лотин Америкаси мамлакатига юборади. Улар сувни тозалаш бўйича Эквадор ҳукуматига ёрдам бериши кўзда тутилагна. Бу ҳақда France Info радиосида хабар қилинган.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эйро ва мамлакат ИИВ раҳбари Бернар Казневнинг қўшма матбуот анжуманида берган баёнотларига кўра, ҳарбийларнинг вазифаси ичимлик сувини ишлаб чиқиш, таҳлил қилиш ва табиий офатдан жабрланган аҳолига тарқатишдан иборат бўлади.

Француз ҳарбийлари ўзлари билан бирга 21 тонналик жиҳозлар ва 4 дона сув тозалаш ускуналарини олиб боришади. Шу билан бирга, Франциянинг Китодаги элчихонаси ходимлари ҳам Эквадор ҳукуматига ёрдам беришмоқда.

Рихтер шкаласи бўйича 7,8 баллик ер силкиниши 16 апрель кечқурун содир бўлганди. Унинг маркази Муисне аҳоли пунктидан 28 км жануби шарқда, 20,2 км чуқурликда жойлашган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офатдан ҳалок бўлганлар сони 600дан ошиб кетган.