АҚШ президенти Барак Обама Лондонга сафари давомида шаҳзода Уильям ва унинг рафиқаси Кейт, шаҳзода Гарри ва Уильямнинг яқинда 3 ёшга тўладиган ўғли, шаҳзода Жорж билан учрашди. Қиролича Елизавета II нинг эвараси Обама олдига пижама ва халатда чиқди.  

Ушбу ҳолат акс этган суратларда Обама болакай билан шаҳзода Уильям ва Гаррининг қароргоҳи – Кенсингтон саройида суҳбатлашаётганини кўриш мумкин. Таъкидланишича, Обама келганда болакай ухлашга тайёргарчилик кўраётган бўлган. Кичик шаҳзода Обамага ёғоч отда қандай учишини кўрсатди. Бу ўйинчоқни Обама ва унинг рафиқаси бола туғилганда унга совға қилган эди.

Обама Лондонга 21 апрелда келди. Обама британияликларни Европа Иттифоқидан чиқишга қарши овоз беришларига кўндириш истагини яширмаган. Бу масала бўйича референдум 23 июнда бўлиб ўтади.

Обама сафарининг асосий кунида Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон билан музокаралар ўтказди ва қиролича билан учрашди. Маълум қилинишича, АҚШ президенти сафарининг иккинчи кунини британиялик ёшлар билан учрашувларга сарфлайди.