Мозамбик ҳукумати Халқаро валюта жамғармаси билан музокараларда мамлакатда 1 млрд долларлик ташқи қарз борлигини яширган, деб маълум қилди ХВЖнинг Мозамбикдаги миссияси вакили Мишель Лазар. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Лазар бу ҳақда ХВЖ раҳбариятининг Мозамбик ҳукумати билан музокаралари натижаларига кўра айтди. Унинг айтишича, Мозамбик ҳукумати бу ҳолатни халқаро экспертлар олдида энди ошкор қилган.

"Мозамбик ҳукумати аввалроқ жамғармага ҳукумат кафолати билан олинган 1 млрд долларлик ташқи қарзи борлигини маълум қилмаганини тан олди", деб айтди Лазар.

Жамғарма экспертлари Мозамбик иқтисодиёти учун бундай катта қарз қандай оқибатларга олиб келишини таҳлил қилишмоқчи.

Мозамбик ялпи ички маҳсулоти тахминан 16 млрд долларга баҳоланади. Мамлакатда 27 млн киши яшайди.