Ўзбекистонда Миллий Барқарор ривожланиш дастури ишлаб чиқилади

Ўзбекистон 23 Апрель 2016 2064

Ўзбекистон Меҳнат вазирлигида БМТнинг Барқарор ривожланиш дастурини ҳаётга татбиқ этиш усулларини ишлаб чиқиш гуруҳи ва БМТнинг Ўзбекистон республикаси тараққиётига кўмак бериш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган дастури доирасида ташкил этилган гуруҳнинг амалий йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда, Республика барча вазирлик ва ташкилотлари, БМТнинг ЮНИСЕФ болалар жамғармаси, БМТ тараққиёт дастури, ЮНФПА халқ жамғармаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари иштирок этишди.

Республика Меҳнат вазири А. Абдуҳакимовнинг айтишича, 2015 йил сентябрь ойида БМТга аъзо давлатлар, шу жумладан Ўзбекистон томонидан 2030 йилгача барқарор ривожланиш дастурининг Кун тартиби қабул қилинган эди. У 17 та глобал мақсад ва 169 та вазифани ўз ичига олади.

22 апрель куни бўлиб ўтган мажлис иштирокчилари Вазирлар маҳкамасининг 2016 йил 15 февралдаги фармойишига асосан ташкил этилган "Ижтимоий ҳимоя" ишчи гуруҳи аъзоларидир. Ушбу гуруҳ, глобал Барқарор ривожланиш дастурлари асосида миллий барқарор ривожланиш мақсадлари, иқтисодий тараққиёт ҳамда фаровонлик соҳасида вазифаларни ишлаб чиқиши лозим.

Кенг муҳокамалардан сўнг, йиғилиш иштирокчилари гуруҳ зиммасига юклатилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ва маслаҳатлашувлар жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида давлат стратегиялари ва соҳалар бўйича дастурларини кенг кўриб чиқишга келишиб олишди.

Бундан ташқари, улар, таҳлилий ҳужжат ва ҳисоботларни
ўрганиш, жорий стратегиялар, дастур ва таҳлилий ҳужжатларда мавжуд бўлмаган глобал мақсад ва вазифалар юзасидан қўшимча маълумотлар тўплаб, улар борасида таҳлилий ишларни олиб бориш, шунингдек, амалга оширилган ишлар натижасида Барқарор ривожланиш миллий мақсад ва вазифаларини ишлаб чиқиб, мувофиқлаштирувчи Кенгаш муҳокамасига киритишлари керак бўлади.

Йиғилиш якунида давлат ташкилотлари томонидан гуруҳ Бош котиби сайлаб олинди.

Кўпроқ янгиликлар