ЎзМУ талабалари навбатдаги халқаро олимпиадада кумуш ва бронза медаллари соҳибига айландилар

Ўзбекистон 24 Апрель 2016 852

Дунёга донг таратган алломаларнинг бугунги ворислари ҳам том маънода ўзлигини намоён қилмоқда.

Яқинда Кипр давлатида математика фани бўйича ўтказилган 10-халқаро “SEEMOUS 2016” олимпиадасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Механика-математика факультети 2-курс талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимов ғолиблик шоҳсупасидан муносиб ўрин эгаллаб, 2 та олтин медални қўлга киритган эдилар.

ЎзМУ Ахборот хизматидан хабар беришларича, навбатдаги хушхабар Москва шаҳридан келди. Бу ерда бўлиб ўтган “Очиқ интернет халқаро олимпиадаси”да Кимё факультети талабалари Жалолиддин Хушвақтов кумуш ва Музаффар Махсумов бронза медалларини қўлга киритдилар!

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) республикаларининг 97 та олий таълим муассасаларидан кимё йўналиши бўйича 497 нафар талаба иштирок этган мазкур олимпиадада ёш тадқиқотчиларимиз рус тилида “Махсус ихтисослаштирилган кимё курслари” йўналиши бўйича 12 тадан масала ечишиб, шундай муваффақиятга сазовор бўлдилар.

– Миллий университетимизда фан сирларини чуқур ўрганиш учун яратилган шароитлар, хусусан, интернетдан эмин-эркин фойдаланиш, ахборот-ресурс марказида, Кимё факультети лабораторияларидаги имкониятлар бизга қанот бахш этади,– дейди Кимё факультети 1-босқич талабаси, кумуш медали соҳиби Жалолиддин Хушвақтов.– Келгуси олимпиадаларда албатта олтин медални ҳам қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.

– Ўз даврида дунёга довруқ солган кимёгар олимларимизнинг илмий мактабларига ҳамма ҳавас билан қарайди,– дейди 2-босқич талабаси, бронза медали соҳиби Музаффар Махсумов.– Ана шундай улуғ аждодларга муносиб ворис бўлиш учун биз изланишда давом этаверамиз. Пухта билим эгаллашимиз, амалиёт сирларини чуқур ўзлаштиришимиз учун университетимизда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, устозлар ишончини оқаймиз.

Ёшларимиз дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч кимдан кам бўлмайди, деган улуғвор фикрлар замирида оламча маъно мужассам. Жаҳонни ҳайратга солган буюк кимёгар алломаларимизнинг бугунги издошларига энди ўзгалар ҳавас қилса арзийди.

Кўпроқ янгиликлар