АПЛ, 35-тур: "Лестер" "Суонси"ни тор-мор этди, "Арсенал" "Сандерленд" билан дуранг ўйнади

Спорт 25 Апрель 2016 528

Англия Премьер-лигасининг 35-турида "Лестер" ўз майдонида "Суонси"ни 4:0 ҳисобида тор-мор этди. "Тулкилар" сафида дисквалификацияга эга Жейми Варди йўқлигида голларни Рияд Марез, Леонардо Уллоа (дубль) ҳамда Марк Олбрайтон киритди.

Чемпионатда етакчилик қилаётган "Лестер" шу ғалабаси эвазига "Тоттенхэм"дан 8 очкога илгарилаб кетди. Бироқ "Тоттенхэм" битта кам ўйинга эга ва 25 апрелда "Вест Бромвич" билан учрашади. "Суонси" эса 15-ўринни эгалламоқда.

Англия Премьер-лигаси. 35-тур
Лестер Сити – Суонси Сити – 4:0
Голлар: Марез, 10 (1:0); Уллоа, 30 (2:0); Уллоа, 60 (3:0); Олбрайтон, 85 (4:0).

Яна бир учрашувда "Сандерленд" ўз майдонида "Арсенал"ни кутиб олди. Учрашув 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.

Шу тариқа Арсен Венгер шогирдлари охирги 7 та ўйиндан 4 тасида дуранг натижа қайд қилишди ва ўзларининг аҳволларини янада оғирлаштиришди.

Эътиборлиси, "Арсенал" яримҳимоячиси Жек Уилшир 2015 йилдаги Англия кубоги финалидан кейин биринчи марта майдонга тушди. Футболчи 370 кун ўйнамади.

"Арсенал" (64 очко) очколар бўйича "Манчестер Сити" билан тенглашиб, у билан чемпионатнинг 3-ўринини бўлишмоқда. "Сандерленд" (31 очко) эса "Норвич" билан тенглашиб, у билан 17-ўринни бўлишмоқда.

Сандерленд – Арсенал – 0:0


Кўпроқ янгиликлар