2015 йили 295 ва 490 тоннадан олтин қазиб чиқарган Россия ва Хитой олтин савдоси соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида. Бу ҳақида News2.ru маълум қилди.

Россия миллий банки раиси ўринбосари Сергей Швецовнинг сўзларига кўра, гап кўп миқдорли олтин захирасига эга йирик миллий иқтисодиёт ва бу қимматбаҳо металлни катта ҳажмда ишлаб чиқариш ҳамда истеъмолчиларга етказиш ҳақида бормоқда. Хитойда олтин савдосини Шанхай, Россияда эса Москва йўлга қўйган.

"Ғоямиз - шу майдонларда бозорларимиз ўртасидаги савдони интенсификация қилиш мақсадида алоқа ўрнатиш", - деди Швецов.

Жаҳонда олтин қазиб чиқаришнинг чорак қисмини Россия ва Хитой амалга оширади. Улар бирлашиб, Лондондаги "қоғоз олтин"дан фарқли ўлароқ ҳақиқий олтин ишлаб чиқариб сезиларли натижаларга эришишлари мумкин.

Шунингдек, муаллиф Россия ва Хитойнинг сўнгги йилларда олтин қазиб чиқариш кўрсаткичлари ошганига диққатни қаратади.

"Пекин ўзининг олтин захиралари ҳажмини камайтириб кўрсатишга уринсада, расмий маълумотларнинг аниқ кўрсаткичга тўғри келиши амри маҳол. Россия бу борада ҳеч қандай сир сақламайди, 2008 йилдан буён Россия Миллий банки олтин захираси амалда 1762 тоннагача, яъни деярли уч баробарга ўсди", деб таъкидланади нашр хабарида.