Норвегия ҳукумати ҳар бир сиёсий бошпана сўраган одам ўз хоҳиши билан ватанига қайтишга рози бўлганда тўланадиган пул миқдорини учдан бир қисмга кўпайтирди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Яқин бир ярим муддат ичида қиролликни тарк этадиган илк 500 нафар муҳожир уйга қайтишга чиптадан ташқари 20 минг эмас, 30 минг крона (тахминан 3650 доллар) олади. Болали оилалар, алоҳида мамлакат фуқаролари, шунингдек, қийин аҳволдаги кишилар (қариялар, зўравонлик қурбонлари, беморлар ва бошқаларга) янада кўпроқ сумма таклиф этилади. Бу ҳақда Норвегия иммиграция ва интеграция ишлари бўйича вазири Сюльви Листёуг маълум қилди.

“Биз тақдим этиладиган пул миқдорини кўпайтириш орқали кўпроқ одамларни ихтиёрий равишда ватанига қайтишга кўндиришга уриниб кўрамиз. Бу бизга жуда кўп пулни тежаб қолишга имкон беради. Қочқинлар учун марказларда одамларни боқиш қимматга тушади”, дейди у.

Листёугнинг сўзларига кўра, агар муваффақиятли кечса ва қиролликдан чиқиб кетишга қизиқиш билдирганларнинг сони ортса, ҳукуматнинг ушбу ташаббуси муддати узайтирилади.

Норвегия маълумоти бўйича, 2015 йилда бошпана сўраб мурожаат этганлар сони 31 мингдан ортади. Таққослаш учун: сўнгги бир неча йиллар давомида қочқинлар сони йилига 10 мингдан ошмаган. 2016 йилда эса, ҳукумат баҳосига кўра, бу кўрсаткич 33 минг ва ундан ортиқ бўлиши мумкин.