АҚШ ҳукумати Ливиянинг собиқ етакчиси Муамар Каддафи ағдарилгандан кейин бу мамлакатдаги вазиятни прогноз қилишда хатога йўл қўйган, деб айтди АҚШ президенти Барак Обама. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

"Мен ҳамон биз Каддафи гапирган зўравон ҳаракатнинг олдини олиш учун халқаро коалиция аъзоси сифатида Ливияга кириб бориб тўғри қилганмиз, деб ҳисобламоқдаман", деб айтди Обама.

Обаманинг айтишича, АҚШ ҳукумати "бундан кейин нима бўлишини" тўғри баҳолаши керак эди, бироқ буни қўлидан келадиган даражада самарали амалга ошира олмади.

Обама айни вақтда Ливиянинг янги ҳукуматига қўллаб-қувватловни кафолатлаш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Ливияда 31 мартдан бош вазир Фаёз ас-Сарож бошчилигида янги миллий бирдамлик ҳукумати ўз ишини бошлади.

Аввалроқ Обама Ливияга қуролли кириб борилишни президентлик давридаги энг катта хатоси деб атаганди.