Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Магомед Ибрагимов Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида бўлиб ўтган биринчи жаҳон лицензион турнирида муваффақиятли иштирок этиб, XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

-97 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Магомед Ибрагимов финалга қадар кечган беллашувларни ғалаба билан якунлаб, тўрт йилликнинг энг нуфузли турнирида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Нимчорак финалда Жанубий кореялик Ким Жаэ-гангни 4:0 ҳисобида, чорак финалда эса Япония терма жамоаси аъзоси Такеши Ямагучини 11:0 ҳисобида мағлуб этган ўзбекистонлик курашчи ярим финалда мўғулистонлик Доржхандин Худербулгадан 9:2 ҳисобида устун келди ва финал баҳсига чиқиш билан бирга, Рио–2016 ўйинларининг йўлланмасини ҳам қўлга киритди.

Финал беллашувида арманистонлик Георгий Кетоевга 3:4 ҳисобида имкониятни бой берган Ибрагимов якунда кумуш медаль совриндори бўлди.

22 апрель куни юнон-рум кураши бўйича бўлиб ўтган лицензион турнирда икки нафар ўзбекистонлик спортчи — Елмурат Тасмурадов (-59 килограмм) ва Мўминжон Абдуллаев (-130 килограмм) Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритган эди.

Шунингдек, Жанубий Кореянинг Чонжу шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг йўлланмаси учун Осиё қитъавий саралаш мусобақаси ниҳоясига етди.

Қитъанинг кўплаб номдор спортчилари иштирокида ўтган мазкур нуфузли мусобақада ўзбекистонли Шаҳбоз Холмирзаев “В” гуруҳида баҳсларга киришиб, олтин медаль ҳамда Рио-2016 ўйинларининг йўлланмасини қўлга киритди.

Шу тариқа, Рио-2016 олимпия ўйинларига Ўзбекистон вакиллари томонидан қўлга киритилган лицензиялар сони 76тага етди. Шулардан 25 таси паралимпиячиларга тегишли.