Япония ҳукумати 2020 йилги Токио Олимпиадаси ва Паралимпия ўйинлари учун янги эмблемалар танлади. Логотиплар Спорт ўйинлари ташкилий қўмитаси томонидан тақдим этилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Ташкилий қўмита “Кумиитимацумон” умумий номи остидаги Эдо эпохаси (1603-1863 йиллар) қадимий япон катак дизайнли эмблемалар тўпламини танлаган. Япон маданиятига берилган урғу айнан шу эмблемани танлашга туртки бўлган.

Спорт ўйинларининг аввалги эмблемаси билан боғлиқ машмашалар ўтган йилнинг ёз ойида бошланганди. Ўшанда муаллиф Кэндзиро Сано плагиатда айбланган. Бельгиялик дизайнер Оливье Дэби 2013 йили Льеж шаҳри театри учун яратган логотипи ва Олимпиада-2020 эмблемаси ўртасида ўхшашлик борлигини маълум қилган. 14 августда дизайнер Халқаро олимпия қўмитасидан ушбу логотипдан фойдаланмасликни талаб қилиб судга мурожаат этади. Кейинроқ Токио Олимпиада-2020 ўйинлари ташкилий қўмитаси низоли эмблемадан воз кечди.

Янги эмблемани танлаш бўйича ташкил этилган қўмита таркибига Япония спорт, санъат ва иқтисодиёт оламининг 20 нафар машҳур вакиллари қабул қилинди. Қўмита янги эмблема ишлаб чиқиш борасида 18 ёшдан ўтган барча Япония фуқаролари ва хорижликлар иштирок этиши мумкин бўлган танлов эълон қилди.

ХХХII ёзги Олимпия ўйинлари Токиода 2020 йилнинг 24 июлидан 9 августга қадар бўлиб ўтади.