Япониянинг Кюсю оролида 14 апрелдан бери 880 мартадан кўпроқ ерости силкинишлари қайд этилди. Ҳукуматнинг маълум қилишича, кучли зилзиладан кейинги қайта тиклаш ишларига 286,1 миллиард иен (2,5 миллиард доллар атрофида) маблағ талаб қилинади.

Аввал хабар берилганидек, 14 апрелда Кюсю оролидаги Кумамото ва Оита префектураларида 6,5 магнитудали кучли зилзила рўй берди, икки кундан сўнг янада кучли 7,3 магнитудали ер силкиниши содир бўлди. Бугунги кунга қадар Кюсю оролида умумий ҳисобда 880дан ортиқ ерости силкинишлари қайд этилди. Бунинг натижасида 48 киши ҳалок бўлди, 2 киши изсиз йўқолди.

Манбанинг хабар беришича, Япония вазирлар маҳкамаси Кюсю ҳудудидаги объектларнинг қайта тикланишига 281,1 миллиард иен (2,5 миллиард доллар атрофида) ва қишлоқ хўжалигини тиклаш учун яна 5 миллиард иен (45 миллион доллар) кераклигини ҳисоблаб чиқди. Ўрта ва кичик корхоналар зилзиладан 160 миллиард иен (1,4 миллиард доллар) зарар кўрган.

Ҳукумат бу маълумотларнинг 20 апрель санасига кўра тузилганини таъкидлади.