1994 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Шоира Муродова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ишламай туриб, пул топишнинг йўлларини излай бошлади. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда.

2015 йил сентябрь ойининг охирларида Шоира иш излаб, Миробод тумани Янги Қўйлиқ кўчасида жойлашган “Пайнет” шохобчасига келиб қолди. Ушбу шохобча эгаси – Нодира Хошимова қиз билан суҳбатлашгач, уни ишга қабул қилишга қарор қилди.

2015 йилнинг октябрь ойлари. Тахминан соат 13:00 ларда Нодира шохобчадан хабар олиш мақсадида у ерга келади. У Шоирага “Пайнет” шохобчасидаги 4000000 сўм савдо пулларини инкассация қилиш учун бериб, унга пулни инкассация қопига солиб, оғзини маҳкамлашни сўрайди. Кўрсатмаларни бериб бўлгач, Нодира ўз ишлари билан чиқиб кетди. Катта миқдордаги шунча пулни қўлида ушлаб турган Шоиранинг бирдан нияти бузилди. Шайтон васвасаси устун келиб, у шартта инкассация қопини очиб, пулларни олди. Бунга қаноат қилмай, стол тортмасининг ичидаги 500000 сўм пулни ҳам олади. Пулларни сумкасига жойлаб, шохобчадан ўқдек отилиб чиқиб кетди.

Ички ишлар ходимларининг саъй-ҳаркатлари билан Шоира қўлга олинди.