11 ёшли ўқувчи қиз бир ўзи Москвадан Петербургга чиптасиз учиб кетди, деб хабар бермоқда Петербург ҳуқуқ-тартибот муассасаларидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда FlashNord нашри.

"Душанба куни (25 апрель) қиз чиптасиз Москвадаги Внуково аэропорти назоратини ўта олган, шундан кейин "Россия" авиакомпаниясининг Пулково аэропортига учадиган самолётига ўтирган", деб айтди манба.

Манбанинг айтишича, қиз бу қилмишини самолётда парвоз қилиб кўриш истаги билан тушунтирган.

Транспорт полициясида қизнинг учиб кетиши ҳолати тасдиқланди.

"Қиз махсус бошпанага юборилган, унинг ота-онасига қайтарилиши масаласи ҳал қилинмоқда", дейилмоқда хабарда.

Шунингдек, полицияда балоғатга етмаган қизнинг катталарсиз Пулковода пайдо бўлиши тафсилотлари аниқлаштирилаётгани қўшимча қилинди.