АҚШ 2016 йилнинг ёз ойларида 11 сентябрь терактига доир ҳужжатларни оммага фош қилмоқчи. АҚШ Миллий разведкаси раҳбари Жеймс Клэппер шу ҳақида журналистларга маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, июнь ойига бориб ҳужжатларнинг 28 варағидан сирлилик мақоми олиб ташланади. Бу ҳақида Meduza нашри хабар берди.

Ҳужжатларни омма эътиборига ҳавола этишни теракт қурбонларининг қариндош-уруғлари ҳамда ҳуқуқшунослар талаб қилишган. Конгресснинг бир неча аъзолари ҳужум уюштирилишида Саудия Арабистонининг ўрни билан боғлиқ хабарлар туфайли бу ташаббусга қўшилишди, чунки бу кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Баъзи мансабдор шахслар сир тутилган ҳужжатларда Саудия Арабистонининг террорчиларга кўрсатган ёрдами тўғрисида маълумотлар бор деб ҳисоблашади.

Эслатиб ўтамиз, 2001 йилнинг 11 сентябрдаги терактлар натижасида деярли уч минг киши ҳалок бўлган. Ҳужум учун жавобгарлик “Ал-Қоида” ташкилоти зиммасига юкланган.

Терактнинг 19 нафар иштирокчисидан 15 нафари Саудия Арабистони фуқароси бўлган.