АҚШ Туркия чегарасида мобил ракета тизимларини жойлаштиради

Жаҳон 26 Апрель 2016 481

Америкаликларнинг бараварига ўт очиш реактив тизими шу йилнинг май ойида Туркия ва Сурия чегарасига жойлаштирилади. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлют Човушўғлига асосланиб, Haber Turk телеканали хабар тарқатган.

“Бизнинг асосий мақсадимиз – Сурия шимолидаги 98 километрли Менбич ҳудудини ИШИД жангариларидан тозалаш. Лекин бизнинг артиллериямиз ҳаракат давомийлиги 40 километр. Америка HIMARS тизиминики эса 90 километр. Биз АҚШ билан келишдик ва шу йилнинг май ойида қуроллар Туркия чегарасига ўрнатилади”, - деди вазир.

Унинг айтишича, шу йўл билан ИШИД фаолият юритаётган ҳудудни бутунлай олов ичида қолдириш ва мўътадил мухолифатчиларга ҳудудни эгаллаш имконини бериш мумкин бўлади.

“Ушбу мажмуаларни жойлаштиргандан кейин шу минтақада ўз-ўзидан хавфсизлик ҳудуди ҳосил бўлиб қолмайди. АҚШ президенти Барак Обама охирги баёнотида Сурияда хавфсизлик ҳудуди ташкил этилишига қарши эмаслигини маълум қилган. Германия ҳам бизнинг ушбу масала бўйича қарашларимизни қўллаб-қувватлайди. Яъни, ниҳоят, улар хавфсизлик ҳудуди ва Сурияда содир бўлаётган бошқа воқеалар бўйича Туркиянинг ҳақ эканини тушуна бошлади”, деди Човушўгли.

Вазирнинг айтишича, ҳудудни ИШИДдан самарали равишда озод этиш учун “Сурия мўътадил мухолифатчиларини ҳам ҳаводан, ҳам Туркия чегараси қуриқлигидан қўллаб-қувватлаш лозим”. 

Човушўғли сўз юритган Менбич минтақаси – Африн ва Жараблус шаҳарлари ўртасидаги 98 километрли ҳудуд. Туркия айнан шу ерда хавфсизлик ҳудудини яратишга уринмоқда. Шунда ИШИД кучларини Туркия чегарасидан узоқлаштириш, чегарага яқин Туркия шаҳарларини хавфсизлигини таъминлаш ва қочқинларни Туркиядан олиб ўтиш заруратисиз Сурияга олиб кириш имкони туғилади. HIMARS – АҚШ қуролли кучлари тасарруфидаги юқоримобилли баравар ўт очиш реактив тизими ҳисобланади.

Кўпроқ янгиликлар