Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 декабрдаги 362-сон «Фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг буйруғи (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 18 апрелда 1523-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисида низомга ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда norma.uz хабар берган.

Белгиланишича, туман ҳокимига келиб тушган ер участкалари бериш тўғрисидаги аризалар туман фермерлари кенгашига юборилади. Туман фермерлари кенгаши 2 кун мобайнида аризаларни кўриб чиқади ва тегишли хулоса чиқаради. Шундан сўнг, хулоса аризалар билан биргаликда ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссиясига юборилади. Комиссия фермер хўжаликларига ер участкалари бериш бўйича танлов ўтказиб, тегишли қарор қабул қилади ва уни барча ҳужжатлар билан биргаликда халқ депутатлари туман Кенгашига юборади. Халқ депутатлари туман Кенгаши энг яқиндаги сессияда ушбу ҳужжатларни кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилади ва уни туман ҳокимига тақдим этади.

Туман ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ижобий қарори асосида 3 кун мобайнида фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисида қарор чиқаради ва 3 кун муддатда ушбу қарорни тасдиқлаш учун вилоят комиссиясига юборади.

Маълумот учун, илгари фермер хўжаликларини юритиш учун ер участкаларини беришда туман фермерлари кенгашининг хулосаси ва халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори талаб қилинмас эди.