21 апрель куни оламдан ўтган америкалик қўшиқчи Принснинг Торонтодаги ҳашаматли уйи сотувга қўйилди. Бу ҳақда СTV News хабар тарқатди.

Уй обрўли кишилар яшайдиган Брайдал Паф мавзесида жойлашган. Кўчмас мулк 13 миллион долларга баҳоланмоқда.

4,3 минг метр квадрат ҳажмли уй биносида 6та ётоқхона, 10та ванна хонаси, спорт зал, гўзаллик салони бор. Уйнинг ўзига хос жиҳати – катта ойналар ва мармар поллар. 0,8 гектарли ҳудудда теннис корти ва бассейн ҳам ўрин олган. Ҳовлида юз ёшли дарахтлар ўсади.

Принс бу ҳовлини 2001 йили – Мануэла Тестолинига уйланган пайти сотиб олган (Мануэла учун бу она шаҳар ҳисобланади) ва беш йил яшаган. Жуфтлик 2006 йили ажрашган.

Ўшандан буён хонадон анча ўзгарган, бироқ Принс турмуш тарзидан баъзи эсдаликлар сақланиб қолган. Хусусан, ошхонага очиладиган эшикларни машҳур эмблема – шу номли альбомдан (Love Symbol) муҳаббат тимсоллари безаб турибди. Мусиқачи ижод қилган хона ҳам шундайлигича сақланиб қолган.

Принс 21 апрель куни вафот этди. У ўзидан васият қолдирмаган. Қонунга кўра, барча ҳаракатланувчи ва кўчмас мулклар унинг яқин қариндоши – кичик синглиси Тика Нельсонга ўтади.