«Матч ТВ» телеканалини яна бир етакчи шарҳловчи тарк этди

Спорт 26 Апрель 2016 981

«Матч ТВ» телеканалининг етакчи шарҳловчиларидан бири Владимир Стогниенко канални тарк этишга қарор қилди.

«Р-Спорт» нашри берган хабарга кўра, олдинроқ Стогниенкога телеканал Европа чемпионати учрашувларини ВГТРК (Россия 1, Россия HD) каналлари учун шарҳлашни тақиқлаб қўйган, шарҳловчи билан тузилган шартномада бундай банд бўлмаган.

Натижада шартнома шартлари бузилгач, юзага келган муаммо туфайли Стогниенко телеканални тарк этишга ва ВГТРКда ишлашни давом эттиришга қарор қилган.

Бироз ўтиб, телеканал расмий сайтида Стогниенконинг «Матч ТВ»ни тарк этгани борасида расмий хабар тарқатилган ва унда вазиятга изоҳ бериб ўтилган.

«Стогниенкони телеканал ўзида олиб қолишга ҳаракат қилди. Бироқ Владимирнинг ўзи кетишни хоҳлади. Стогниенко кенг аудиторияга айтиб бўлмайдиган сабаб билан ишдан кетди», дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Стогниенко нафақат Россия, балки ўзбекистонлик футбол мухлислари ичида ҳам кўплаб мухлисларига эга бўлган, собиқ «Россия 2» ва «Спорт 1» телеканалларининг энг етакчи шарҳловчиси сифатида қараларди.

Бундан олдин, телеканални Василий Уткин, Алексей Андронов ва Кирилл Дементьев каби таниқли шарҳловчилар ҳам тарк этганди.

Кўпроқ янгиликлар