Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзодлар Тед Круз ва Жон Кейсикнинг республикачилар етакчиси бщўмиш Дональд Трампга қарши келишилган ҳамкорлиги ўз кучини йўқота бошлади. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.

Ҳамкорлик стратегияси бўйича, республикачилар қолган праймеризларда муваффақият имконияти юқори бўлган штатларни ўзаро бўлишиб олишади. Круз Индианага диққатини қаратса, Кейсик Орегон ва Нью-Мехикода астойдил ҳаракат қилади. Ушбу уринишлар Дональд Трампни автоматик равишда Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод бўлишига замин яратувчи партия съезди делегатларининг 1237та овозини олмаслиги учун амалга оширилиши режалаштирилганди.

Бироқ келишув эълон қилинган куннинг эртасигаёқ Кейсик, битим шартларига зид ҳолда, гарчи у бу штатда фаол тарғибот ишларини юритмаётган бўлса ҳам, Индиана сайловчилари айнан унга овоз беришлари лозимлигини эълон қилди.

Круз ўз ўрнида Индианадаги тарафдорлари билан учрашувда номзодлар “сайловчиларга ҳеч қачон кимга овоз бериш ҳақида гапирмасликлари”ни маълум қилди. Келишувни эса “куч ва вақтни қайси томонга йўналтириш лозимлиги тўғрисидаги нисбий қарор” деб атади.