Олтинкўл туманида муҳим сиёсий тадбирга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

Ўзбекистон 26 Апрель 2016 5900

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига асосан шу йилнинг май-июнь ойларида мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловлари бўлиб ўтади. Мазкур сайловларда ҳар биримиз конституцион ҳуқуқимиздан фойдаланган ҳолда жамият ишларини бошқаришда бевосита ёки ўз вакилларимиз орқали яна бир бор иштирок этамиз.

Маълумки, фуқаролик жамиятида аҳолининг турмуш фаровонлиги, иш билан бандлиги, кучли ижтимоий ҳимоя, тадбиркорликни ривожлантириш каби муҳим масалалар биринчи навбатда, маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан ҳал этилади. Демак, ушбу мақсадларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бўлмиш маҳалла институти ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳам юртимизда фуқаролар мустақил фаолиятининг ноёб шакли бўлган маҳалла институти йил сайин такомиллаштирилмоқда.

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида ҳам сайловга тайёргарлик ишлари қизғин тус олган. Жойларда тузилган ишчи гуруҳлари сайловларни мавжуд қонунларга мувофиқ тарзда ташкил этиш ва ўтказиш учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар. Бўлажак сайловларда туман бўйича фуқаролар йиғинларига 64 раис ҳамда уларга 550 нафардан зиёд маслаҳатчилар сайланади.

Қўштепасарой қишлоғининг Қўшкўприк маҳалласида тузилган ишчи гуруҳига Элмуроджон Шокиров раҳбарлик қиляпти. Ишчи гуруҳи етти кишидан иборат. Аъзолари орасида маҳалла фаоллари бор.

–Ишчи гуруҳимиз маҳалла кўчаларида вакиллар сайлови юзасидан аҳолининг умумий йиғилишларини ўтказяпти. Шунингдек, маҳалла аҳлининг фикрини ҳисобга олган ҳолда фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар бўйича таклифлар тайёрлаяпти, – дейди Элмуроджон. –Шу билан бирга тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.

Дарҳақиқат, яқинлашиб келаётган сайловларда фаол иштирок этиш, энг муносиб номзодларнинг сайланишига эришиш бу ҳар биримизнинг сиёсий ҳуқуқимиз таъминланишини англатади. Қолаверса, бу - юртимиз янада обод, турмушимиз фаровон бўлишининг муҳим шартидир.

Элмурод Эрматов, Андижондан
Kun.uz сайти учун махсус тайёрлади

Кўпроқ янгиликлар