АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ходими, АҚШнинг Бангладеш пойтахти Дакка шаҳридаги элчихонасида ишлаб келган Зулҳаз Мэннан 25 апрель куни қуролли ҳужум натижасида ўлдирилган. Бу маълумотни Оқ уй ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашининг расмий вакили Нед Прайс тасдиқлаган.

"АҚШ ҳукумати Даккада содир этилган Зулҳаз Мэннаннинг ҳаётига нуқта қўйган бу бешафқат қотилликни қаттиқ қоралайди. У USAID ва АҚШнинг Даккадаги элчихонаси ходими эди", дейди Прайс.

"АҚШ Бангладеш ҳукуматини ушбу ақлга сиғмас даражадаги қотиллик ижрочиларини топиш ва уларни жавобгарликка тортишга чақиради", дея қўшимча қилган у.

Бундан олдинроқ, Бангладеш полицияси диний экстремистлар Даккадаги Мэннан яшайдиган уйга хат ташувчи сифатида ниқобланиб, қуролланган ҳолда бостириб киргани ҳамда у ва унинг ёнида бўлганларга ҳужум қилиб, 2 кишини сўйиб ташлашгани ҳақида хабар қилганди. Уйдагилардан яна бири жароҳатланган. Мэннан билан бирга мамлакатдаги жинсий озчилик манфаатларини ёқловчи нашр муҳаррири ўлдирилган.