Россия Федерацияси бош прокурори Юрий Чайканинг Федерация кенгашига йўллаган маърузасида айтилишича, Украинанинг ўнг кайфиятдаги "Правый сектор" тарафдорлари Россияда оммавий тартибсизликлар уюштириш орқали давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган.

2016 йил 27 апрелда Чайка Федерация кенгашига мамлакатнинг 2015 йилда ҳуқуқ-тартибот ва қонун ижроси ҳолатига оид ҳисоботини тақдим этади.

Бош прокурор маълумотларига кўра, Россияда фаолияти тақиқланган ўнг радикал кайфиятдаги бирлашма тарафдорлари "ВКонтакте" ижтимоий тармоғидаги саҳифалар орқали Россияда тартибсизликлар келтириб чиқаришга уринишган. Ҳозирда айни саҳифалар тўсиб қўйилган.

Ҳисоботда келтирилишича, мамлакат бош прокуратураси талаби билан 7 мингдан ортиқ интернет-ресурсдаги экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар йўқотилган. Бундан ташқари, 2015 йилда прокурорлар ОАВ ва интернетда 11 мингдан ортиқ текширувларни ўтказган ва 15,3 мингдан ортиқ экстремистик мазмундаги ахборот жойланганини аниқлашган.

2015 йилда экстремистик материаллар федерал рўйхатига 836 та мақола киритилган.

Маълумот учун: "Правый сектор" — Украина радикал-миллатчи ташкилотлари бирлашмаси. 2014 йил январь-февраль ойларида ҳаракат жангарилари полиция билан тўқнашувларда қатнашган ва маъмурий биноларни эгаллаб олган. Апрель ойидан Украина шарқидаги норозилик кайфиятини бостиришда қатнашган.

Ушбу бирлашма Россияда экстремистик ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган. Ҳаракат етакчиси Дмитрий Ярошга нисбатан террористик фаолиятига ундаш айби бўйича жиноий иш қўзғатилган.