Американинг Apple компанияси чорак кўрсаткичлари пасайгани ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда компания ҳисоботида маълум қилинган.

Унга мувофиқ, иккинчи молиявий чоракда компания савдоси 13 фоизга тушиб, 50,6 млрд. долларни ташкил этган. Савдо кўрсаткичларининг пасайишига Apple’нинг асосий маҳсулоти iPhone телефонлари хариди камайгани билан боғлиқ. Шу боис компаниянинг соф даромади 22 фоизга тушиб, 10,5 млрд. долларни ташкил этган.

Бунда Хитойдаги савдолар ҳажмининг пасайгани сезиларли салбий таъсир кўрсатган. Бу ерда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга кам маҳсулот сотилган. АҚШдаги савдолар ҳам 10 фоизлик пасайишни қайд этган. Бундан ташқари, Apple 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоиз кам iPhone сота олган.

The New York Times нашрининг ёзишича, Apple компанияси Apple Music ва iCloud, Apple Watch аксессуарига катта ишонч билдирмоқда. iPad планшетлари савдоси ҳам ўз тахминларини оқламади. Шунга қарамай, Apple компаниянинг чораклик дивидендларини 10 фоизга ошириб, ҳар бир акция учун 57 центдан тўлашга қарор қилди. Бундан ташқари, компания аввал эълон қилганидек, 140 млрд. эмас, 175 млрд. долларлик ўз акцияларини қайтариб сотиб олишини маълум қилди.