Apple корпорацияси беш йилдан буён кетма-кет Кремний водийсидаги энг даромадли компания бўлиб келмоқда. Бу ҳақда ҳар йили ўтказиладиган San Jose Mercury News тадқиқот натижаларига асосланиб, Business Insider хабар берди.

Тадқиқодчиларнинг аниқлашича, Apple улуши бутун водий компаниялари даромадининг 40 фоизини ташкил этган.

Ўтган йили Кремний водийсидаги бошқа компаниялар даромади ўртача 6,8 фоизга ўсган бўлса, компания кўрсаткичи 18 фоизга етди. Қолаверса, савдо ҳажми бўйича Apple маҳсулотлари 833 миллиард долларнинг 28 фоизини ташкил этди.

Шунга қарамай, Apple қарздорлик бўйича ҳам етакчилик қилади. Компаниянинг умумий қарз миқдори 77 фоизга етади.

Маълумот учун, Кремний водийси – инглизча Silicon Valley – АҚШ Калифорния штати Сан-Франциско шаҳрида жойлашган майдон. Бу ерда компьютер ва унинг таркибий қисмлари, асосан, микропроцессорлар, шунингдек, дастурий таъминот, мобил алоқа қурилмаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кўплаб юқоритехнологик компаниялар жойлашган.