Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуни имзолади. Бу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 30 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 31 мартда маъқулланган. Ҳужжат матни "Халқ сўзи" газетасида нашр этилган. Ҳужжат эълон қилинган кунидан бошлаб кучга кирган.

Жумладан кодекснинг 131-моддаси қўйидаги таҳрирда баён этилиши белгиланди:

Ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қўшмачилик қилиш — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Фоҳишахона ташкил этиш ёки сақлаш — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:

а) вояга етмаган шахсни жалб қилган ҳолда;
б) такроран, хавфли рецидивист ёки ушбу Кодекснинг 135 ёки 137-моддаларида назарда тутилган жиноятларни илгари содир этган шахс томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.