Нью-Йоркнинг Лонг-Айленд оролида яшовчи эркакдан узунлиги 1,8 метрлик аллигатор мусодара қилинди, деб хабар бермоқда Fox News телеканали. Эркак аллигаторни ўз уйининг орқа ҳовлисида қафасда сақлаган. Эркакка йиртқич ҳайвонни тегишли идораларнинг рухсатисиз сақлаш айблови қўйилди.

Нью-Йорк атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида бундай судралиб юрувчиларни фақатгина илмий, ўқув мақсадларида ёки кенг оммага намойиш қилиш учунгина махсус ажратилган жойларда сақлашга рухсат берилгани айтилди.

"Аллигаторни қўлга ўргатиш керак, бундай ўлчамдаги ҳайвонлар жуда хавфлидир. Улар овқат бераётган одамнинг қўлини узиб олиши мумкин", деб ҳисобламоқда Саффолк округининг ҳайвонларни бешафқат муомаладан сақлаш жамияти раҳбари Рой Гросс.

Эркакнинг исми ошкор қилинмаган. Назорат идоралари ходимлари унинг уйига кўрсатма бўйича келганлар.

2016 йил февралда Флорида штати ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари йўл ёқасидаги кафенинг буюртмалар олинадиган дарчасига аллигатор улоқтирган 23 ёшли Жошуа Жеймсни ҳибсга олган. Полиция маълумотларига кўра, йигит Роял Палм Бич қишлоғидаги Wendy’s ресторанига келиб, ўзига газли ичимлик буюртма қилган. Официант Жошуага ичимликни олиб келгандан кейин, у автомобилининг орқа ўриндиғидан бир метрлик аллигаторни олиб, уни буюртмалар олинадиган дарчага улоқтирган.

Йигитга оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳужум ва хавфли ҳайвонга ноқонуний эгалик қилиш ва ташиш бўйича айблов қўйилган. Айбланувчининг ўзи эса аллигаторни йўлда топиб олганини айтган. Шундан кейин аллигатор озодликка қўйиб юборилган.