АҚШ президенти Барак Обама ўз вазифасига киришган вақтда, Германия унга ишонч назари билан қарай бошлаган эди. Аммо Америка етакчиси немислар ишончини оқлай олмади, деб ёзади Der Spiegel газетаси.

Нашрнинг фикрича, Обама — амалда бирон ишни бажара олмайдиган сафсатабоз холос. Bild газетасининг ёзишича, Обама немис канцлери Ангела Меркелнинг қочқинларга нисбатан сиёсатини олқишлаган, аммо амалга келганда АҚШнинг ўзи атиги 2500 сурияликка бошпана берган. Бу йилда бу рақамга 10 минг қўшилиши кутилмоқда. Обама ўз сиёсий барқарорлигини хавф остига қўйиб бўлса-да 1 млн. қочқинга бошпана берган давлатда шундай баландпарвоз гапларни айтишга журъат топа олди.

Der Spiegel нашри, аксинча, мақоласини Обаманинг сиёсий ғалабаларини эътироф этиш билан бошлаган. Эрон ядро дастури бўйича келишувга эришилиши, Ироқ ва Афғонистондан ҳарбий қўшинларнинг олиб чиқилиши, Куба билан муносабатларнинг тикланиши. Аммо унинг мағлубияти ҳам анчагина вазнлидир. Гуантанамо қамоқхонаси ёпилганича йўқ, учувчисиз самолётлар воситасида берилаётган зарбалар тинч аҳоли вакиллари ҳаётига зомин бўлмоқда, АҚШ дунё назоратини тўлиқ ўз ихтиёрига олишга уринмоқда. Жаноб Обама, шунингдек, миллий муаммолар, хусусан, ижтимоий тарқоқлик ва тенгсизликка барҳам бермади, тиббий суғурта тизимида ислоҳотларни амалга ошира олмади.

Обама дунёни яхшилай олмади, деб ёзади газета. Агарда маънавият давлат ихтиёридаги капитал дейдиган бўлсак, у ҳолда АҚШ касодга учраган давлатдир.