Дилшод Жамилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2013 йилнинг апрель ойида Паркент туманидаги касб-ҳунар коллежларининг бирига директор вазифасига тайинлангач, унинг зиммасига юксак масъулият юкланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Д.Жамилов 2014 йилнинг январь ойида дастлабки “йиғ-йиғ”ларни металл чиқиндиларини топшириш ҳақидаги буйруқ олингандан кейин бошлади. Белгиланган мажбуриятни бажара олмаган гуруҳ раҳбарларидан эса 300 минг сўмдан пул талаб қилади.

Шу тариқа Д.Жамилов ноқонуний йўл билан 1 млн 94 минг сўм пулни қўлга киритади.

Ўша йилнинг кузига бориб, директор даладаги йиғим-терим мавсумига ҳашарчи олиб келиш баҳонасида ходимларнинг ойлик иш ҳақларидан келиб чиқиб, “йиғ-йиғ”ларни бошлайди ва улардан 100 минг сўмдан 600 минг сўмгача пул олади. Ҳатто бу жараёндан коллеж ўқувчилари ҳам четда қолмайди. Топган пул, топмаган картошка, пиёз, гўшт кўтариб келса ҳам, директор олиб қолаверади. Шу тариқа, ўқув даргоҳининг раҳбари йиғим-терим мавсумида 48 млн 200 минг сўм пулларни ҳомийлик ёрдами сифатида коллеж биносини таъмирлаш ҳамда атрофини кўкаламзорлаштириш мақсадида йиғишни бошлаб юборади. Бу сафар ҳам оз эмас, 9 млн 167 минг сўм маблағ йиғиб олган Д.Жамилов пулларни асоссиз қурилишларга ишлатиб юборади.

2014 йилнинг ноябрь ойида коллеж ўқитувчилари Салим Турдиев ҳамда Дилмурод Сангинов металл чиқиндиларини йиғиш режасини бажармаганлиги директорнинг ёдига тушади ва уларни хизмат хонасига чақириб, ҳар бири 350 минг сўмдан, жами 700 минг сўм бериши кераклигини талаб қилади. Раҳбарнинг ушбу талаби ноқонуний эканлигини англаган ўқитувчилар бу ҳақда тегишли жойга ариза билан мурожаат қилишади.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди “йиғ-йиғ”ларга муккасидан кетган Д.Жамиловга қилмишларига яраша жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди.