27 апрель куни Эстония пойтахти Таллин шаҳри яқинидаги «Эмари» авиабазасида Буюк Британия Ҳарбий ҳаво кучларининг қирувчи самолётларини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Эстония Мудофаа вазирлиги хабар қилган.

Буюк Британия ҲҲКнинг Eurofighter Typhoon русумли 4та қирувчи самолёти Болтиқ бўйи давлатлари осмонида 7 январдан буён навбатчилик қилиб келаётган Бельгиянинг F-16 русумли самолётларини алмаштиради.

Болтиқ бўйи мамлакатларида ҳаво ҳудудларини ҳимоя қилиш учун ҳарбий самолётлар йўқ. Шу туфайли 2004 йилнинг апрелидан буён (Болтиқ бўйи мамлакатларининг НАТОга аъзо бўлган вақти) альянс ротация тамойили асосида (НАТО бўйича иттифоқдош давлатлар ушбу миссия учун навбат билан ўз қирувчи самолётларини тақдим этган) ўз самолётларини юбориб келади. Аввалига самолётлар фақат Литванинг Шауляя шаҳридан 5 км масофадаги Зокняй аэродромидан жойлаштириларди. 2014 йилдан бошлаб Эмарида қўшимча авиабаза ҳам барпо этилди.